Сайлов ва унинг ҳуқуқий асослари нималардан иборат?

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 5 мартдаги  қарорига асосан, шу йилнинг май-июн ойларида юртимиздаги барча  фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови ўтказилади.

Халқ депутатлари туман Кенгашининг 2016 йил 19 март куни ўтказилган сессиясида халқ депутатлари туман Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ва ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссияси таркиби, ушбу комиссиянинг ишчи гуруҳи ва тадбирлар режаси тасдиқланди. Ўз навбатида барча фуқаролар йиғинларида ҳам ишчи гуруҳлари шакллантирилиб, сайловга тайёргарлик жараёнлари бошланди.

Қуйида  ушбу жараёнлар билан боғлиқ саволларга "Маҳалла" хайрия жамоат фонди туман бўлинмаси бошқаруви раиси, туман қишлоқ ва маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссия раиси Ҳайитмуродов Зафар Турдиниёзович жавоблари берилмоқда.

- Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда  ўтказиш қандай принципларга асосланган ҳолда амалга оширилади?

- Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш  ҳамда ўтказиш ошкоралик, муқобиллик ва тенг сайлов ҳуқуқи принциплари асосида амалга оширилади.  Яъни  фуқаролар сайловда  тўлақонли иштирок этишлари учун тегишли шарт-шароитлар яратилиши таъминланади. Яширин овоз беришдан ташқари бошқа барча сайлов жараёнлари фуқароларнинг кўз ўнгида, очиқ, уларнинг иштирокида ташкил этилади ва ўтказилади. Сайловни ташкил этиш ва  ўтказишга масъул бўлган органлар фуқароларни сайлов билан болиқ уларни қизиқтираётган барча  саволларига  ўз вақтида ва тўлиқ жавоб берадилар.

Хусусан, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга  кўмаклашувчи комиссиялар ўз фаолиятини очиқ ва ошкора амалга оширади.

Сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишга кўмаклашувчи комиссиялар фуқароларни ўз ишларидан, комиссияларнинг таркиби, уларнинг жойлашган манзили ва иш вақтидан воқиф этади, фуқаролар йиғини (фуқаролар вакиллари йиғилиши) иштирокчиларининг рўйхатлари, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари лавозимларига номзодлар хусусидаги маълумотлар, овоз бериш ва сайлов якунларидан хабардор қиладилар.

-Кўмаклашувчи комиссиялар қандай  ваколатларга эга?

- Кўмаклашувчи комиссиялар фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳларининг фаолиятини мувофиқлаштириб боради. Ишчи гуруҳлардан кейинчалик тегишли туман, шаҳар ҳокимлари билан келишиш учун  фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) лавозимига номзодларга доир ҳужжутларни қабул қилиб олади. Уйлар, кўчалардан ҳамда шаҳарчалардаги, қишлоқ ва овуллардаги маҳаллалардан фуқароларнинг вакиллиги нормасини белгилайди. Сайловга доир ҳужжатлар намуналарини тасдиқлайди. Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш бўйича ишчи гуруҳларининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловига тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш билан боғлиқ масалаларга доир ахборотларини тинглайди.

Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш масалалари бўйича аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини ташкил этади.

Фуқароларнинг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш масалаларига доир мурожаатларини кўриб чиқади.

-Комиссиялар таркибига кимлар киритилган?

- Комиссиялар таркибига, қоида тариқасида, фуқаролар йиғинларининг, давлат органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларнинг вакиллари киритилган.

  Фуқаролар йиҚини раиси (оқсоқоли) ёки унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодлар комиссияга аъзо шахслар ёхуд уларнинг яқин қариндошлари орасидан кўрсатилган тақдирда, улар комиссия таркибидан чиқарилади.

  - Комиссия қанча муддатга тузилади?

  - Вилоят кўмаклашувчи комиссияси фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш даври учун тузилади. Туманлар ва шаҳарлар кўмаклашувчи комиссиялари эса 2,5 йил, яъни фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчиларининг навбатдаги сайлови эълон қилингунча фаолият кўрсатади.

 - Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар кўрсатиш тартиби қандай?

 - Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар кўрсатиш тегишли ҳудудда доимий яшовчи фуқароларнинг фикри инобатга олинган ҳолда ишчи гуруҳ томонидан амалга оширилади.

- Кимлар  фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) бўлиши мумкин? 

-"Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида"ги Қонуннинг 17-моддасига кўра, кўрсатилган номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиши, қоида тариқасида, олий маълумотга эга бўлиши, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши, ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларда ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига, шунингдек ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў -эътиборга эга бўлиши керак.

 Чунки, сайловнинг муҳим аҳамиятга эга бўлган элементи, бу - фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларга қўйиладиган талаблардир. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ўз ҳудудида яшайдиган фуқароларнинг дунёқарашини, тафаккурини, халқнинг энг эзгу орзу-умидларини ўзида мужассам этадиган ва шу интилишларни рўёбга чиқаришга қодир, том маънода катта ҳаётий тажрибага, кенг ва чуқур билимга эга бўлган, бошқаларга нисбатан намуна бўладиган, маҳаллада кечаётган нозик ва мураккаб муаммоларни чуқур таҳлил қилиб, негизига етиб борадиган шахс бўлиши лозим.

- Кимлар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига кўрсатилмайди?

- Юқорида  қайд этилган модданинг 2-бандига асосан, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, оғир ёхуд ўта оғир жиноятларни содир этганлик учун судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки судланганлиги олиб ташланмаган шахслар, шунингдек суднинг ҳукми билан озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган, ҳақиқий ҳарбий хизматдаги шахслар, диний ташкилотларнинг профессионал хизматчилари фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзод этиб кўрсатилиши мумкин эмас.

-Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)ни кимлар сайлайди?

- Ҳудуддаги фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) сайлайди. Фуқаролар вакилларининг йиғилишига ҳовлилар, уйлар, кўчалар, маҳаллалар, мавзелар ва даҳалардан уларда яшовчиларнинг умумий йиғилиши қарори билан сайланадиган намояндалар вакил қилинадилар. Фуқароларнинг вакиллик нормасини туман (шаҳар) кўмаклашувчи комиссияси белгилайди.

-Вакиллар йиғилиши ким томонидан ўтказилади?

- Ишчи гуруҳ раиси томонидан. Агар ишчи гуруҳи раиси узрли  сабабларга кўра қатнашмаса, йиғилиш унинг ўринбосари томонидан ўтказилади.

-Ишчи гуруҳи қай тартибда тузилади?

- Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказиш учун фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) қарори билан ишчи гуруҳ тузилади.

Ишчи гуруҳ таркибига, қоида тариқасида, фуқаролар йиғинининг, тегишли ҳудудда жойлашган нодавлат нотижорат ташкилотлар ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари, шунингдек халқ депутатлари тегишли туман (шаҳар) Кенгашининг депутати киритилади.

-Кимлар ишчи гуруҳ аъзоси бўла олмайди?

- Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли), унинг  маслаҳатчилари, фуқаролар йиғини органларининг бошқа ходимлари, шунингдек, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодларнинг, фуқаролар йиғини бошқа ходимларининг яқин қариндошлари ишчи гуруҳи таркибига киритилиши мумкин эмас.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ёки унинг маслаҳатчилари лавозимига номзодлар ишчи гуруҳга аъзо шахслар ёхуд уларнинг яқин қариндошлари орасидан кўрсатилган тақдирда, улар ишчи гуруҳ таркибидан чиқарилади.

-Ишчи гуруҳ раиси этиб кимлар кўрсатилиши мумкин?

- Ишчи гуруҳ раиси этиб тегишли фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи корхона ва ташкилотлар ҳамда муассасалар раҳбари (давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, мактаб ва коллеж директорлари, шифохона ва ҚВПлар бош  шифокорлари, фермер хўжалиги раҳбарлари) тасдиқланиши мақсадга мувофиқдир.

-Кимни ишчи гуруҳ котиби этиб кўрсатиш мумкин?

- Ишчи гуруҳ котиблигига тегишли фуқаролар йиғинида яшовчи корхона ва ташкилотлар ҳамда муассасалар раҳбари ўринбосари (мактаб ва коллеж директори ўринбосари) тасдиқланиши мақсадга мувофиқ.

-Ишчи гуруҳ аъзолари таркиби қай тарзда тузилади?

- Аҳоли ўртасида обрў эътиборга эга бўлган маҳалла фаоллари, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгаши  депутати, тегишли фуқаролар йиғини  ҳудудида жойлашган корхона ва ташкилотлар ҳамда  муассасалар раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, ижтимоий фаол ёшлар, ҳудудий профилактика инспектори, фермер хўжаликлари раҳбарлари, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкати раисларининг киритилиши ишчи гуруҳининг иш самарадорлигини ошириб, сайлов жараёнларини ошкора, муқобиллик ҳамда қонун талаблари асосида ўтказилишини таъминлайди.

-Ишчи гуруҳи аъзолари  вакиллар рўйхатига киритиладими?

- Агар улардан бирор киши вакил этиб сайланса, ишчи гуруҳ аъзолигидан чиқарилади.

-Ушбу сайловда қандай фуқаролар овоз бериш ҳуқуқига эга эмас?

- Сайлов куни ўн саккиз ёшга тўлган фуқаролар сайлаш ҳуқуқига эга. Фақат суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганлар фуқаролар йиҚини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловида иштирок этиши мумкин эмас.

-Агар сайлов жараёнида  муаммолар кузатилса, бу ҳақда қаерга мурожаат этилади?

- Бундай вазиятда фуқаролар  йиғинларида ташкил этилган Ишчи гуруҳига, туман (шаҳар) кўмаклашувчи комиссияларига мурожаат этиш лозим. Шунингдек, вилоят кўмаклашувчи комиссиясига мурожаат этиш мумкин.

Фуқаролар йиғинининг (фуқаролар вакиллари йиғилишининг) фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови натижалари бўйича қарори устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

 -Агар фуқаролар йиҚини раислигига сайланган киши пенсия ёшида бўлса, унинг пенсияси қисқарадими?

- Йўқ, юз фоиз тўланади.

- Сайловга  вакиллардан ташқари аҳоли киритилиши мумкинми?

  - Мумкин. Аммо, агар сайлов вакиллар йиғини орқали ўтказилиши белгиланган бўлса, сайлов ўтказиладиган жойга  ҳудудда яшовчи бошқа кишилар ҳам кузатувчи сифатида кириши мумкин. Фақат улар овоз бериш ҳуқуқига эга бўлишмайди.

- Номзод кўрсатишда  ёш белгиланганми?

- Амалдаги қонунчиликда бундай  чекловлар йўқ, сайланиш ҳуқуқига эга бўлган ҳар бир шахс мазкур ҳуқуқидан фойдаланиш имкониятига эга.

- Номзоди кўрсатилган шахс  йиғилиш олдидан ўз номзодини  қайтариб олиши мумкинми?

-Йўқ. Рўйхатга  олиш давомида белгиланган талабларга жавоб берадиган номзод ушбу сиёсий жараёнда одамларнинг ҳоҳиш-иродасига рози эканлигини, яъни маҳалла раислигига  номзоди қўйилишига ёзма розилиги олинади.

- Айтайлик, фуқаролар йиғини раиси  ўн йилдан буён шу лавозимда  ишлаб келмоқда. У ўз номзодини қайта қўйиши мумкинми?

- Қонунчиликда бу борада чекловлар йўқ. Демак, у яна қайтадан ўз номзодини қўйиши, агар сайловда муваффақият қозонса, раислик вазифасини бажариши мумкин.

-Маслаҳатчиларнинг миқдорий таркиби қандай белгиланади?

-  Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) маслаҳатчиларининг миқдор таркиби ҳовлилар, уйлар, кўчалардан ҳамда шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ва овуллардаги маҳаллалардан  фуқароларнинг вакиллиги инобатга олинган ҳолда фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан белгиланади.

- Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) маслаҳатчилари лавозимларига номзодлар кўрсатиш қандай тартибда амалга оширилади?

- Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) маслаҳатчилари лавозимларига  номзодлар  тегишли ҳудудда доимий яшайдиган фуқароларнинг фикрлари инобатга олинган ҳолда ишчи гуруҳ томонидан кўрсатилади.

  - Сайловни ташкил этиш ва ўтказиш тартиби қандай?

  - Ишчи гуруҳ фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) ўтказиладиган сана, вақт ва жойни белгилайди ҳамда уни ўтказишдан камида беш кун олдин бу ҳақда тегишли ҳудудда яшовчи фуқароларни хабардор қилади.

Шунингдек, туман ёки шаҳар ҳокимининг хулосасини олганидан кейин фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига келишилган номзодлар ҳақидаги ахборотни сайловдан камида беш кун олдин фуқаролар йиғини биносига ва гузарларга осиб қўйилади.

- Саноқ комиссияси ҳақида ҳам тўхталсангиз.

- Комиссия овоз бериш натижаларини аниқлаш учун фуқаролар йиғини томонидан камида уч кишидан иборат таркибда сайланади.

- Сайловда овоз бериш тартиби қандай кечади?

- Фуқаролар йиғини  раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчиларини сайлаш очиқ ёки яширин овоз бериш орқали амалга оширилади.

Овоз бериш шакли тўғрисидаги қарор фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) томонидан очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади.

-  Сайлов жараёнида кузатилиши мумкин бўлган бошқа ҳолатлар ҳақида тўхталсангиз.

- Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида"ги  Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 27-моддасида Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловини ўтмаган ёки ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги қоидалар белгилаб берилган. Унга кўра,  агар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайловида фуқаролар йиғинида  иштирок этувчилар рўйхатига киритилган фуқароларнинг ярмидан камроғи иштирок этган бўлса, сайлов ўтмаган деб топилади. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови фуқаролар вакилларининг йиғилишларида ўтказилган тақдирда, агар йиғилишда ҳовлилар, уйлар, кўчалардан ҳамда  шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар маҳаллаларидан фуқаролар вакилларининг учдан икки қисмидан ками иштирок этган бўлса, сайлов ўтмаган деб топилади.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ёки унинг маслаҳатчилари сайлови давомида ёки овозларни санаб чиқишда йўл қўйилиб, овоз бериш якунларига таъсир қиладиган қоидабузарликлар туфайли сайлов суд  томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Агар фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ёки унинг маслаҳатчилари лавозимига икки нафардан ортиқ номзод кўрсатилган ва улардан биронтаси ҳам сайланмаган бўлса, фуқаролар йиғини (фуқаролар вакилларининг йиғилиши) энг кўп овоз олган икки номзод бўйича такрорий овоз беришни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилади. Такрорий овоз бериш ушбу Қонуннинг талабларига риоя  этилган ҳолда ўтказилади.

Такрорий овоз бериш чоғида  овоз беришда иштирок этган фуқароларнинг овозини бошқа номзодга нисбатан кўпроқ олган номзод фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ёки унинг маслаҳатчилари лавозимларига сайланган ҳисобланади.

   - Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари такрорий сайлови тартиби қандай?

   - Бу масала "Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида"ги  Қонуннинг 29-моддасида белгилаб берилган бўлиб, такрорий сайлов қуйидаги ҳолларда ўтказилади, агар:

   аввалги сайлов  ўтмаган ёки ҳақиқий эмас деб топилган бўлса;

  такрорий овоз бериш фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ёки унинг маслаҳатчилари сайланганлигини аниқлаш имконини бермаса;

   фуқаролар йиғинида (фуқаролар вакилларининг йиғилишида) фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ёки унинг маслаҳатчилари лавозимига кўпи билан икки нафар номзод кўрсатилган ҳамда улардан биронтаси ҳам сайланмаган бўлса.

   Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари  такрорий сайлови ушбу Қонуннинг талабларига риоя этилган ҳолда бир ойлик муддатдан кечиктирилмасдан ўтказилади.

  -Фурсатдан фойдаланиб яна бир масалага тўхталиб ўтсангиз. Сайлов натижалари бўйича норозиликлар туғилса, бу масала юзасидан қандай иш олиб борилади ёки кимга мурожаат қилинади?

   Фуқаролар йиғинининг (фуқаролар вакиллари йиғилишининг)  фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари сайлови  натижалари бўйича қарори устидан судга шикоят қилиниши мумкин. Чунки қонунга хилоф ҳар қандай ҳаракат ижтимоий хавфлилик даражасига қараб жавобгарликка сабаб бўлади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 44-моддасида ҳам ҳар бир шахсга ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларининг Ғайриқонуний хатти-ҳаракатлари устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланади.

   Умид қиламизки, туманимиздаги барча фуқаролар йиғинларида май-июн ойларида бўлиши кутилаётган сайловлар юқори савияда ва қонун асосида ўтказилади. Ҳамюртларимиз фуқаролар йиғини раиси(оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари лавозимларига халқимиз орасидан энг муносиб номзодлар учун овоз берадилар.

2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM