«Биз шу вақтгача тарихнинг ўзимизга ёққан жойларини олиб, ёқмаган томонини яшириб ўтдик» — президент
Президент Шавкат Мирзиёев 31 август куни эрта тонгда Шаҳидлар хотираси хиёбонига ташриф буюрди, дея хабар бермоқда давлат раҳбари ахборот хизмати.
Шаҳидлар хотираси хиёбонида «Қатағон қурбонлари хотираси» музейи биноси реконструкция қилинди. Давлат раҳбари ушбу музейни кириб кўрди.
Қайд этилишича, Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда қатағон қурбонларига бағишланган музейлар ташкил этилди. Уларда расмий материаллар билан бирга оилавий архивларда сақланиб қолган кўплаб тарихий ҳужжатлар, ноёб суратлар тўпланмоқда. Қатағон қурбонларининг номлари, уларнинг ҳаёти ва фаолияти вилоятлар, туманлар кесимида аниқланмоқда. Бу маълумотлар асосида кўп жилдлик «Қатағон қурбонлари» китоби нашрга тайёрланяпти.