Эгасиз қаҳрамон ҳаммага керак ёхуд Ялангтўш Баҳодир ва Жалантос батур бошқа-бошқа шахслар эканлиги ҳақида

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Қозоғистонда айрим бовурлар Самарқанд ҳукмдори, Регистон ижодкори, ўзбекларнинг олчин уруғи вакили бўлган Ялангтўш Баҳодирни аллаким, Жалантос Батур Сейиткулулу деган кимса билан бир билиб, кўплаб хато ва чалкашликларга йўл қўйишаётир. Ачинарлиси шундаки, бу адашишларга ҳатто тарихчиларимиз ҳам ўз муносабатларини билдирмай, масалага аниқ-тиниқ баҳо беришдан тийилиб турибди! Бунинг натижасида қўшниларимиз қозоғистонлик бўлган Жалантос Сейиткулулу деган кимсани Самарқанднинг XVII асридаги донгли беки Ялангтўш Баҳодирбий деб билиб, ўзларини ҳам, бошқаларни ҳам чалғитиб келишмоқда, Регистоннинг асосчиси қозоғистонлик бўлган деган ёлғон даъвони зўр бериб тарғиб қилишмоқда. Бу ясама, қўшма образга атаб Қозоғистоннинг бир қатор шаҳарлари, жумладан, АлматиСемипалатинскПавлодар, Қизил Ўрда қалъаларида ҳайкаллар тикланмоқда, шаҳарларининг марказий кўчалари унинг номи билан аталиб келинмоқда.

Икки бегона шахсни бир одам деб келаётган бундай даъво  қачон ва ким томонидан яратилди? 2018 йили Қозоғистонга Жалантос Батур билан боғлиқ халқаро конференцияга борганимда бу масалани ўрганишга ҳаракат қилдим ва қўйидаги маълумотларга эга бўлдим: 1920 йили Тошкентда Туркистон Республикаси халқ маорифи комиссарлиги аъзоси, сўнгра раиси бўлиб ишлаб турган қозоқ ҳарбий врачи Ҳалел Дўсмуҳаммедов (1883 —1939) Қизил Ўрдада яшаган Жалантос Сейиткулулу деган кимса билан Самарқанд ҳукмдори, Регистон асосчиси бўлган Ялангтўшбий Баҳодир Олчинни бирлаштиришга ҳаракат қилган ва биз юқорида тилга олган чалкашликнинг юзага келишига сабабчи бўлган.

Ўрганишларимиз натижасида Жалантос Батур Сейиткулулу Алимулла уруғининг Тўртқара бўғинига тегишли ва дашти қипчоқ кўчманчиларнинг машҳур қонунлар йиғиндиси “Етти Йўриқ” (Жеты Жаргы»)  қоидалар тўпламининг муаллифларидан бири бўлган Айтике Бий деганнинг бобоси экан.  Бу Жалантоснинг отаси Сейиткул деган кимса бўлиб, у Қизил Ўрда вилоятининг Казалин туманининг обрўли қозиси бўлганлиги ва ҳозирда Қозоғистоннинг мазкур вилоятида Жалантоснинг кўплаб авлодлари яшаб келаётганлигини аниқладик. Бу шахснинг Самарқанд ҳокими Ялангтўш Баҳодир билан қандай умумий томонлари бор деган саволга ҳеч иккиланмай, ҲЕЧ ҚАНДАЙ БОҒЛИҚЛИГИ ЙЎҚ деб бемалол айтамиз ва буни қуйидагича асослаймиз:

Биринчидан, Ялангтўш Баҳодир Алимулла уруғининг Тўртқара бўғинига эмас, балки ўзбекларнинг олчин уруғига тегишли ҳукмдор бўлган. Олчин уруғи мустақил уруғ бўлиб, унинг қозоқларнинг Алимулла ёки Тўртқара уруғи билан боғлиқлик жойи йўқ. Ялангтўш ўн етти ёшида (1593 йил) ўзи мансуб бўлган Олчин уруғи бийи этиб тайинланган.

Иккинчидан, барча тарихий ва фиқҳга оид манбаларда Ялангтўшбий Баҳодирнинг отаси Бойхўжа номи билан келтирилади. Бойхўжа Жалантоснинг отаси Сейткул каби Қизил Ўрданинг обрўли қозиларидан бири эмас, балки Бухородаги шайбонийхоннинг ҳукмдор авлодлари доирасидаги юқори мартабали амалдорларидан бири бўлган. Айнан шу сабабли Ялангтўш шу ҳукмрон сулола таъсиридаги муҳитда улғайган.

Учинчидан, гарчанд ҳукмдор ўзбекча Ялангтўш Баҳодир номи билан машҳур бўлган эрса-да, расмий манбаларда унинг Абдулкарим ва Низомуддин деган арабча номлари ҳам бўлганлиги келтирилади. Бундай номлар Жалантос Батур Сейиткулулу билан боғлиқ ҳеч қайси манбада, ҳатто қозоқ ботири билан боғлиқ кун ора ўйлаб топилаётган янги ривоятларда ҳам маълумот йўқ.

Тўртинчидан, Ялангтўш Баҳодирхоннинг уч фарзанди – Иқлимабону ва Ойбиби исмли қизлари ва отасидан 6-7 йил илгари вафот этган Бойбек исмли ўғли бўлган Бойбекдан ҳеч қандай фарзанд қолмаганлиги маълум. Жалантос Батур Сейиткулулунинг Қозоғистонда кўплаб авлодлари бор.

Бешинчидан, яссавий тариқатига амал қилган Дашти қипчоқ қозоқларидан фарқли ўлароқ Ялангтўшбий Нақшбандия тариқати вакили бўлган. Кейинчалик ҳам нақшбандия тариқати шайхларининг фаол қўллашлари натижасида Ялангтўш Баҳодир муваффақиятли тарзда Самарқанд вилоятини бошқарган.

Олтинчидан, ўзбек хукмдорлари орасида ҳеч ким Ялангтўшбий Баҳодир сингари қозоқ ҳукмдорларига қарши кўплаб ва муваффақиятли курашлар олиб бормаган ва айнан шу хизматлари учун тарихда ном қолдирмаган. Шарқшунос Роберт Макчеснинг фикрига кўра айнан қозоқларга қарши олиб борган зафарли курашлари шарафига унинг обрўйи кўтарилган ва шунинг эвазига Имомқулихоннинг Самарқанддаги ноиби этиб тайинланган. Бу урушлардаги маҳорати сабабли Ялангтўш Баҳодир Бухоро хонининг энг машҳур 38 ўзбек амири рўйхатидан ўрин олган.

Ялангтўш Баҳодирнинг қозоқ хонларига қарши олиб борган ғолибона кураши хронологияси қуйидаги кўринишга эга:

1609 йили Ялангтўш Баҳодир Самарқандга бостириб келган қозоқ хони Абулини қувиб, Дашти қипчоққа довур ҳайдаб юборади.

1612 йилда Тошкент ва Туркистонни қозоқ бийларидан қайтариб олгани учун Балх амири унвонига сазовор бўлади.

1612 йили қозоқ хони Есимхонни Тошкентдан қувиб юборади.

1621 йили Туркистонга бостириб келган қозоқлар етакчиси Турсун султон қўшинини хонлик ҳудудидан ҳайдаб чиқаради.

1628 йили қозоқ хони Абули султон қўшинини енгиб, уни Қашғаргача «кузатиб» қўяди.

1636 йили Ялангтўш Баҳодирхон Сайрамга, қозоқ хонларига қарши қўшин тортади ва уларни Дашти Қипчоққа қадар улоқтиради.

Табиийки, Ялангтўш Баҳодир агар қозоқ ботири Жалантос Батур Сейиткулулу бўлганда эди ҳеч қачон қозоқлар билан ҳудуд талашиб, уларни доимий равишда Дашти Қипчоқ тарафларга қувмаган бўлур эди.

Ялангтўш Баҳодир ҳақидаги манбаларда унинг фақат ўзбек эканлигига урғу беришган!

А.П.Хорошхин: Тилла-кори билан Шердор бундан 200 йил олдин Самарқанд ҳокими Ялангтўшбий ёки Ялангтўш Баҳодир томонидан Форсдаги Машҳад шаҳри эгалланганлигидан келган пул ва бойликлар ҳисобига қурилган. ЯЛАНГТЎШ АСЛИ ЎЗБЕКЛАРНИНГ ОЛЧИН БЎҒИНИДАН БЎЛГАН.

(Хорошхин А. П. Сборник статей касающихся Туркестанского края А. П. Хорошхина.. — С.Петербург., 1876.).

Д. И. Эварницкий: Тилла-кори мачити (мадрасаси) ЎЗБЕКЛАРНИНГ ОЛЧИН УРУҒИДАН бўлган Ялангтўш Баҳодир томонидан насроний тақвимига кўра 1618 йили қурилган. Шердор мачити (мадрасаси) 1616 йили қурилган, Абу Тоҳирхожа келтиришича, ўзбекларнинг Олчин уруғидан бўлган, юқорида Ялангтўш Баҳодир деб аталган бу бино Регистонда турган учала мачит (мадраса) дан ҳам энг улуғвори саналади.

Д. И. Эварницкiй. Путеводитель по Средней Азiи. Отъ Баку до Ташкента.. — Ташкент., 1893. — С. 73-77.

Лекин бугун айрим қардошларимиз ушбу улуғ ўзбек саркардасини  худдики генерал Собир Раҳимов сингари қозоқ миллатига мансуб деб тарихий ҳақиқатни бузаётганларига муносиб жавоб қайтаришимиз зарур. Бунда ҳаракатсиз бўлиб турган тарихчиларимизни уйғотишимиз ва қадимги манбалардаги маълумотлар билан бир ёқлама қарашларга қарши бўлишимиз даркор! Ўзбек зиёлиси шундай вазиятларда халқнининг корига ярамайдими?

Қардошларимизнинг талашиб, тўғри-нотўғри тарзда бўлса-да ўз тарихларини яратишга бўлган интилишларида, албатта, тарихчиларимизнинг ҳам «ҳисса»си бор. Биз улуғ аждодларимизни қадрлай олмаганлигимиз, улар ҳақида сўз айтишга қўрқадиган бўлиб қолганимиздан кейин қўшниларимиз нима қилсин?

Қозоқ бовурларимиз биринчи бўлиб Ялангтўш Баҳодирнинг ҳурматига қатор ҳайкаллар тиклаб қўйишди. Биз қачонгача ва кимдан қўрқиб, Амир Темурдан кейин ватанимиз учун энг кўп хизмати теккан ватандошимизга ҳайкал тиклашга ботинолмай ўтираверамиз?

Туркистон ҳудудини қозоқ ҳукмдорларидан, Дашти қипчоқ ерларини эса жунғорлар босқинидан асраб қолган, Самарқандда ер юзининг сайқали бўлмиш нодир тарихий ёдгорлик – Регистон мажмуини тиклаган ва бугунгача дунё аҳлини ҳайратга солиб келаётган мадрасалар асосчиси Ялангтўшбий Баҳодирхон шахсиятига алоҳида ҳурмат билан эътибор қаратиш вақти келди.

 

 Эркин Мусурмонов,

филология фанлари доктори.

2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM