БИР ЙЎЛА ИККИ ХАТО...

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Зарбанд қишлоғи сўлим табиат бағрида жойлашган. Бу заминда боғ-роғлар яратиш кони фойда. Лекин афсуски, шунча имкониятлардан унумли фойлаланиш ўрнига, ҳудудда инсон саломатлиги учун зарар келтирувчи гиёҳвандлик ўсимликларини экиб парваришлашга уринувчи кишилар ҳам учрар экан.

 Очиқ суд мажлисида худди ана шундай “уста деҳқон”лардан бирининг қилмишини муҳокама этишга тўғри келди. Фуқаро П.А. ўтган йили ўз томорқасида 4 туп “кўкнор” экиб, “меҳр билан” парваришлади. Сўнгра уни қуритиб шиша ва елим идишларга жойлади ва ётоқхонадаги диван остига яшириб қўйган.

 Аммо, “Қинғир ишнинг қийиғи” чиқди. “Деҳқон”нинг қилмиши туман ИИБ ходимлари томонидан аниқланди ва 13,06 грамм миқдоридаги гиёҳвандлик воситаси холислар иштирокида расмийлаштириб олинди.

 Қизиғи шундаки, текширув чоғида П.А.нинг яна бир қалтис қилмиши ошкор бўлиб қолди. Гиёҳвандлик воситаси сақланаётган диван остидан тегишли рухсатномаси бўлмаган ов қуроли ҳам топилди. “29502-62” рақамли, силлиқ 2 милли, 16 калибрли, “Б” русумдаги бу ўқотар қурол ҳозир ҳам отишга яроқли бўлиб, 1962 йилда собиқ иттифоқнинг Тула шаҳридаги заводда ишлаб чиқарилган эканлиги аниқланди.

 Натижа эса маълум. Судланувчи сўроқ чоғида ўз айбига тўла иқрорлик билдирди ва қилмишидан пушаймон эканлигини баён этди. Уйидан топилган ов қуроли эса марҳум отасига тегишли бўлганлиги учун ҳам сақлаб келган.

Шундай қилиб, беш нафар фарзанднинг отаси бўлган П.А.нинг бу хатолари суд мажлисида тегишли тартибда “баҳоланди”. Ноқонуний сақланаётган ов қуроли эса давлат фойдасига мусодара қилинди.

 Ҳа, ҳар бир қалтис қадам инсонни хато манзиллар сари етаклайди. Гиёҳванд моддаларнинг инсон саломатлигига салбий таъсирини эса барчамиз яхши биламиз. Бундан ташқари бу заҳри қотил кишининг маънавияти, оила тинчлиги, жамиятдаги фаоллигини ҳам издан чиқариши табиий. Шундай экан, бу каби қилмишлар асло жазосиз қолмаслигини унутмаслигимиз лозим.

 

К.ПАНСАТОВ,

Жиноят ишлари бўйича Иштихон туман суди раиси.

2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM