ИШТИХОН ТУМАН ҲОКИМИ ШУҲРАТ НЕГМАТОВНИНГ ХОТИРА ВА ҚАДРЛАШ КУНИ МУНОСАБАТИ БИЛАН БАЙРАМ ТАБРИГИ

jpg jpeg gif png txt doc docx xls xlsx pdf ppt pptx pps ppsx odt ods odp mp3 mov mp4 m4a m4v mpeg avi ogg oga ogv weba webp webm

Ассалому алайкум, азиз юртдошлар!

Муҳтарам фахрийлар!

 Бугун жонажон Ватанимизда, шу жумладан туманимизда ҳам 9 май – Хотира ва қадрлаш куни, Иккинчи жаҳон урушида қозонилган буюк Ғалабанинг 76 йиллиги кенг нишонланмоқда.

Ана шу қутлуғ айём билан сизларни, чин қалбимдан муборакбод этаман. Барчангизга ўзимнинг чуқур ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдираман.

Сиз, азизларни фашизмга қарши мардона курашган, буюк Ғалабага беқиёс ҳисса қўшган, Ватанимизнинг ҳақиқий қаҳрамонлари, деб биламиз ва сизлар билан чексиз фахрланамиз. 

 Ҳаммамизга аёнки, бу дунёда тинчлик ва омонлик, бахту саодат барқарор бўлиши учун инсон ўзини аямасдан кураш олиб бориши, фидокорона меҳнат қилиши керак. Сизларнинг юксак жасорат ва матонатингиз, бутун ҳаётингиз бунга яққол мисол бўла олади.

Айни вақтда мустақил Ватанимиз озодлиги, эл-юрт тинчлиги йўлида ҳалок бўлган жасур ҳарбийларимизнинг номларини ҳурмат ва эҳтиром билан эсга оламиз. Уларнинг оила аъзолари, фарзандларига эътибор ва ғамхўрлик кўрсатишни ўзимизнинг муқаддас бурчимиз, деб биламиз.

Азиз ва муҳтарам дўстлар!

Иккинчи жаҳон уруши ҳақиқатан ҳам инсоният тарихидаги энг даҳшатли, энг қонли қирғин бўлган. Бу уруш халқимиз бошига қандай оғир азоб-уқубат ва талофатлар, беҳисоб қурбонлар келтирганини эл-юртимиз ҳеч қачон унутмайди.

Албатта, бу ҳақда жуда кўп гапириш мумкин, мен бир неча мисолларни келтириб ўтсам.

Уруш арафасида Ўзбекистонда 6,5 миллион аҳоли яшаган бўлса, шундан 1 миллион 500 мингдан зиёди фронтга сафарбар этилган. Бу ўша пайтдаги халқимизнинг 22 фоизини, меҳнатга яроқли аҳолининг эса 40-42 фоизини ташкил этган.

Меҳрибон ота-онасини, азиз фарзандлари, табаррук она юрт тупроғини ҳимоя қилишга отланган бу ботир инсонлар кечаю кундуз қон кечиб, Москвадан то Берлингача бўлган оловли йўлларни қаҳрамонларча босиб ўтдилар.

Урушда ўзбекистонлик жангчилардан 500 мингдан кўпроғи – фронтга сафарбар этилганларнинг ҳар учтасидан бири ҳалок бўлди, 60 мингдан ортиқ ҳамюртимиз ногирон бўлиб қайтди.

Бу ёвуз уруш туфайли қанча-қанча оилалар ўз боқувчисидан ажралди, гўдаклар етим, аёллар бева бўлиб қолди. Ўз жигарбандидан жудо бўлган минг-минглаб оналар қалбидаги алам ва изтиробни ифода этишга сўз ожиз.

Юзлаб ўзбек оилалари эвакуация қилинган етим болаларни ўз тарбиясига олди. Охирги бурда нонини ҳам улар билан баҳам кўрди. 

Муҳтарам юртбошимиз таъкидлаган, Тошкентлик темирчи Шоаҳмад Шомаҳмудов хонадони ана шундай оилалардан биргина мисолдир. 

     Иштихонликларнинг жангларда кўрсатган жасоратлари тарих зарварақларига ёзиб қолдирилган. Туманимиздан фронтга жўнаган кишиларнинг 3 нафарига Совет Иттифоқи Қахрамони деган юксак унвон берилди. Улар Қўчқор Қаршиев, Жўра Маҳмудов, Элбой Қорабоевлардир. Жанг пайтида оғир контузия туфайли  душман қўлига асир тушиб қолган, Луқмон Ўроқов тутқунликдан қочиб, у бошчилигидаги аскарлар билан душманга кутилмаган талофатлар бериб қахрамонликлар кўрсатган. Таниқли адиб Назир Сафаров  бу ҳақда “Лукаш ботир” пьесасини яратгани бежиз эмас.

      Шунингдек, иштихонлик ака-ука Дўстмурод ва Нормурод Суяровлар, Ибодулла Шарипов, Синдор Ҳасанов, Жума Раҳмонов, Нормурод Яссоқов,  Берди Эшқулов, Жаббор Нурматовлар  жанг майдонларида  жасорат намуналарини кўрсатган инсонлардир.

        Туман бўйича  фронтга отланган 10 мингдан ортиқ  жангчидан  3,5 минг киши қайтиб келмади.  Жангчилар хотирасига ўрнатилган ёдгорлик лавҳасида уларнинг номлари зарҳал ҳарфлар билан битилди.

        Афғон урушида  туманимиздан 278 нафар ўғлон қатнашди. 7 нафар ўғлоннинг жасади  тобутларда  қайтди, 11 нафар йигитлар ногирон бўлиб  соғлигини йўқотдилар.    Афғон жангларида бўлган Равшан Рустамов, Ҳамидулла Ибодов, Нурмамат Қўзиев, Сафар Чиноров, Зикрилло Ўташевлар бугун орамизда бўлиб турли соҳаларда меҳнат қилмоқдалар.

 Қадрли иштихонликлар, муҳтарам ватандошларим!

Сиз, азизларни қутлуғ байрам – Хотира ва қадрлаш куни билан яна бир бор чин қалбимдан табриклайман. 

Ҳаммангизга сиҳат-саломатлик, хонадонларингизга файзу барака тилайман.

Дунёдаги энг катта бахт – фарзандлар, набираларнинг бахту камолини кўриш барчангизга насиб этсин.

Юртимиз тинч, халқимиз  омон бўлсин!

Осмонимиз доимо мусаффо бўлсин!

2015-2024 © Иштихон туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM